Абдулазиз Камилов Чехиянинг янги элчисини қабул қилди

Дата: 14:27, 29-09-2016.

Тошкент. 29 сентябр. ЎзТАГ – Куни кеча, 28 сентябр куни Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Чехия Республикасининг янги тайинланган Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Ярослав Сирони қабул қилди, деб хабар беради ТИВ матбуот хизмати.

“Бўлиб ўтган суҳбат чоғида қайд этилганидек, давлатлараро алоқаларни чуқурлаштириш истиқболлари ва халқаро масалалар бўйича икки давлатнинг яқин ва ўхшаш қарашлари ва позициялари мамлакатларимиз ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг ишончли асоси ҳисобланади”, - дейилади хабарда.

Мулоқот давомида Ўзбекистон-Чехия ҳамкорлиги икки томон ўртасида ўрнатилган дўстлик ва конструктив муносабатлар анъаналарига ҳамда 30дан ортиқ ҳужжатлардан ташкил топган шартномавий-ҳуқуқий асосга таянган ҳолда изчил ривожланаётганлиги ҳам таъкидланди.

Учрашувда турли даражалардаги алоқаларни фаоллаштириш масалалари ҳамда икки ва кўп томонлама, жумладан Ўзбекистон-Евроиттифоқ мулоқоти шакллардаги муносабатларни ривожлантириш юзасидан фикр алмашилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: