Абдулазиз Камилов ЕИ комиссияси делегацияси билан музокаралар ўтказди

Дата: 17:59, 14-07-2017.

Тошкент. 14 июл. ЎзТАГ – Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Европа Иттифоқи комиссиясининг Халқаро ҳамкорлик ва ривожланиш бўйича бош директорати раҳбари Стефано Мансервиси бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақида республика ТИВ матбуот хизмати хабар берди.

“Суҳбат давомида сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестицион, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги Ўзбекистон ва Европа иттифоқи ҳамкорлигининг ҳолати ва истиқболлари, шунингдек, Европа иттифоқининг Марказий Осиё билан янги ҳамкорлик стратегиясининг самарадорлигини ошириш нуқтайи назаридан уни тадбиқ этиш жараёни муҳокама қилинди”, - дейилади жума кунги хабарда.

Шунингдек, учрашувда Брюссель шаҳрида бўлиб ўтадиган “Ўзбекистон-ЕИ” ҳамкорлик кенгашининг 13-мажлиси, Европа иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича бош вакили Федерика Могеринининг Ўзбекистонга ташрифи, “Марказий Осиё-Европа иттифоқи” минтақалараро учрашувининг навбатдаги йиғилишини Ўзбекистонда ўтказиш ва бошқа қўшма тадбирларга тайёргарлик кўриш жараёни кўриб чиқилгани хабар қилинган.

Бундан ташқари, тарафлар молиявий-техник соҳада алоқаларни мустаҳкамлаш билан шуғулланувчи шерикчиликнинг янги органи – Ривожланиш мақсадида ҳамкорлик бўйича кичик қўмитани таъсис этишга икки томон ҳам рози эканлиги тасдиқлашди.

Учрашувда халқаро ва минтақавий сиёсатнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: