Абдулазиз Камилов Фредерик Старр билан учрашди
Тошкент. 28 июн. ЎзТАГ – 27 июнда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов мамлакатимизда нуфузли халқаро тадқиқотчилар билан бўлиб турган АҚШнинг таниқли жамоатчилик арбоби ва олими, Ж.Хопкинс Университети ҳузуридаги Марказий Осиё ва Кавказ институти раиси Фредерик Старр билан учрашди, деб хабар беради ўзбек ташқи сиёсий муасасасининг матбуот хизмати.
Суҳбат давомида Ўзбекистон-АҚШ муносабатларининг долзарб жиҳатлари муҳокама қилинди.
“Шу ўринда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018-йил 15-17-май кунлари АҚШга биринчи расмий ташрифи ва президент Доналд Трамп билан музокаралари якунларига юқори баҳо берилди ва икки давлат ҳамкорлигини янада ривожлантириш учун тарихий аҳамият касб этиши қайд этилди”, - дейилади хабарда.
Фредерик Старрнинг “Ўзбекистоннинг янги юзи” китоби Вашингтон шаҳрида май ойи бошида “Атлантика кенгаши”даги брифинг чоғида экспертлар ҳамжамияти ва кенг жамоатчиликка илк бор тақдим этилган эди.
“АҚШлик тадқиқотчи “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” резолюциясининг Ўзбекистон ташаббуси билан БМТ Бош Ассамблеяси томонидан 22-июн куни бир овоздан қабул қилинишини олқишлади. Ушбу ҳужжат умумий муаммоларни биргаликда ҳал қилиш, кўп миллионли аҳолининг тараққиёти ва фаровонлигини таъминлаш бўйича минтақа мамлакатларининг саъй-ҳаракатларини жаҳон ҳамжамияти томонидан қўллаб-қувватланишининг яна бир далилидир”, - дейилади хабарда.
Учрашувда халқаро ва минтақавий кун тартибининг бошқа масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Сурат манбаи: https://regnum.ru/news/1601960.html