Абдулазиз Камилов Германиянинг янгидан тайинланган элчисини қабул қилди
Тошкент. 27 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Германия Федератив Республикасининг янги тайинланган Фавқулодда ва Мухтор Элчиси Гунтер Оверфелдни қабул қилди, деб хабар беради чоршанба куни Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.
Элчи ишонч ёрлиқларининг нусхаларини тақдим этди.
“Суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Германия ўртасидаги ҳамкорлик, жумладан, “Ўзбекистон-Европа Иттифоқи” шаклидаги алоқалар ҳамда халқаро ва минтақавий ташкилотлар доирасидаги муносабатлар ҳолати ва янада ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинди”, - дейилади хабарда.
Учрашувда Ўзбекистон ҳукумат делегациясининг ноябр ойида Германияга ташрифи муддати ва дастури, турли даражалардаги бўлажак бошқа иккитомонлама алоқалар жадвали юзасидан фикр алмашилди.


