Абдулазиз Камилов ХХР ташқи ишлар вазири ўринбосари Ли Баодунни қабул қилди
Тошкент. 28 март. ЎзТАГ – Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Афғонистон бўйича “Тинчлик жараёни, хавфсизлик соҳасида ҳамкорлик ва минтақавий шериклик” мавзусидаги халқаро конференцияда Хитой делегациясига раҳбарлик қилган Хитой Халқ Республикаси Ташқи ишлар вазири ўринбосари Ли Баодунни қабул қилди, деб хабар беради Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.
“Хитой Ташқи ишлар вазири ўринбосари Ўзбекистон ҳукуматини кўп йиллик Афғонистон муаммосига бағишланган Тошкент форумининг муваффақиятли натижалари билан табриклади. Учрашувда таъкидланганидек, Афғонистондаги тинчлик улкан минтақанинг барча мамлакатларига сезиларли фойда келтириши, барча йўналишларда минтақавий ва транс-минтақавий савдони ривожлантириши юзасидан Ўзбекистон ва Хитойнинг фикрлари бирдек эканлиги қайд этилди”, - дейилади хабарда.
Учрашувда ҳозирги пайтда Хитой раислик қилаётган Шанҳай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши доирасида олий даражадаги учрашувга тайёргарлик кўриш нуқтайи назаридан икки томонлама ҳамкорликнинг ҳолати ва ривожланиш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.
Суҳбатда халқаро ва минтақавий кун тартибидаги долзарб масалаларга ҳам тўхталиб ўтилди. Музокараларда Хитой Элчиси Цзян Ян иштирок этди.
Сурат манбаи: http://russian.news.cn/2015-11/15/c_134818522.htm