Абдулазиз Камилов “Марказий Осиё давлатларининг доимий маслаҳатлашув учрашувлари” бўйича тушунтириш берди

Дата: 13:53, 02-10-2017.

Тошкент. 2 октябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов “Марказий Осиё давлатларининг доимий маслаҳатлашув учрашувлари” бўйича тушунтириш берди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Фурсатдан фойдаланиб, эътиборингизни муҳтарам Президентимиз илгари сурган Марказий Осиё давлатларининг мунтазам равишда ўтказиладиган маслаҳатлашув учрашувларини ташкил этиш таклифларига қаратмоқчиман”, - деди у Тошкентда Халқаро пресс-клубдаги чиқишида.

У “Биринчидан, доимий маслаҳатлашувлар минтақадаги мамлакатлар учун ўзаро бирлашиб, долзарб муаммоларни ҳал қилишга зарур майдон сифатида хизмат қилади”, - деб тушунтириб ўтди.

“Иккинчидан, шу каби минтақавий музокаралар майдонига эҳтиёж сезилаётган бўлсада, ҳозирги кунга қадар Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари фақатгина икки томонлама ташрифлар ёки ШҲТ, МДҲ саммитлари ва бошқа халқаро тадбирлар доирасида учрашадилар ҳолос. Учинчидан, бугунги кунда пайдо бўлаётган ўткир масалаларни бир тарафлама ёки икки тарафлама ҳал этиш имкони йўқлигини барчамиз тушунамиз. Ўзбекистон таклиф қилаётган музокара майдони эса кўплаб масалаларга умумий ечим топишга ва ягона қарашларни ишлаб чиқишга имкон яратади”, - деб давом этди Камилов.

Янгилик билан ўртоқлашиш: