Абдулазиз Камилов Нью-Йоркда АҚШ давлат котибининг ўринбосари билан учрашув ўтказди

Дата: 15:00, 23-09-2016.

Тошкент. 23 сентябр. ЎзТАГ – Кеча, 22-сентябр куни Нью-Йорк шаҳрида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов АҚШ Давлат котибининг сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Томас Шеннон билан учрашди, деб хабар беради Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати.

“Вазир Биринчи Президент И.А.Каримовнинг вафоти муносабати билан АҚШ Президенти Барак Обама томонидан билдирилган ҳамдардлик учун Ўзбекистон раҳбарияти номидан АҚШ томонига миннатдорчилик билдирди”, - дейилади хабарда.

Мулоқот чоғида Ўзбекистон-АҚШ кун тартибининг долзарб масалалари ва муносабатларни янада ривожлантириш истиқболлари юзасидан фикр алмашилди.

Шунингдек, учрашувда баъзи халқаро ва минтақавий муаммолар ҳам муҳокама қилинди.

Олдин хабар қилингани каби, А.Камилов БМТ Бош ассамблеясининг Нью-Йоркда бўлиб ўтаётган ишида Ўзбекистон делегациясига раҳбарлик қилмоқда.

Маълумот ўрнида, БМТ Бош ассамблеясининг 71-сессияси ўз ишини 13 сентябрда бошлаган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: