Абдулазиз Камилов ШҲТ Тошкентдаги саммитига тайёргарликни ташкилотга аъзо давлатлар мувофиқлаштирувчилари билан муҳокама қилди

Дата: 15:25, 22-06-2016.

Тошкент. 22 июн. ЎзТАГ – Куни кеча Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо давлатлар Миллий координаторлари кенгашининг мажлисида иштирок этаётган Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Тожикистон, Хитой ва Ўзбекистоннинг мухтор вакиллари билан учрашди. Бу ҳақида Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар қилди.

Таъкидланишича, учрашув давомида 23-июнда Тошкент шаҳрида ўз ишини бошлайдиган ШҲТ Саммитига тайёргарлик билан боғлиқ масалалар юзасидан фикр алмашилган.

“Вазир ўз нутқида 2015-йилнинг июн ойидан буён Ўзбекистоннинг ШҲТда раислиги давридаги конструктив ва самарали фаолиятлари учун миллий координаторларга ва мажлиснинг барча иштирокчиларига миннатдорчилик билдирар экан ташкилот ва унинг барча институтлари фаолиятида Миллий координаторлар кенгашининг муҳим рол ўйнашини таъкидлади”, - дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамизки, 23-24 июнда Тошкентда Ўзбекистон президенти Ислом Каримов раислигида ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг 15-юбилей мажлиси бўлиб ўтади.

Шанхай ҳамкорлик ташкилотига Хитой, Қозоғистон, Қирғизистон, Россия, Тожикистон ва Ўзбекистон аъзо. Афғонистон, Беларусь, Мўғилистон ва Эрон ташкилотда кузатувчи мақомига эга. Туркия, Шри-Ланка, Озарбайжон, Арманистон, Камбожа ва Непал ташкилотда мулоқот бўйича ҳамкордирлар.

Янгилик билан ўртоқлашиш: