Абдулазиз Камилов ва Сергей Лавровлар Россия президентининг Ўзбекистонга бўлажак ташрифи кун тартибини муҳокама қилдилар

Дата: 13:48, 31-05-2018.

Тошкент. 31 май. ЎзТАГ – Ўзбекистон ва Россия ташқи ишлар вазирлари Абдулазиз Камилов ва Сергей Лавровлар РФ президентининг Ўзбекистонга бўлажак ташрифи кун тартибини муҳокама қилдилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Хусусан, ушбу масала 30-май куни икки мамлакат ташқи сиёсий муассасаларининг Москва шаҳридаги “Примаков ўқувлари” халқаро форум ишида иштироки доирасида муҳокама қилинди.

“Ўзбекистон ТИВ раҳбари жаҳонда эътироф этилган илмий-экпертлик майдонидан бири ва йирик олим-шарқшунос, Россиянинг атоқли давлат ва жамоат арбоби, собиқ Бош вазири ва Ташқи ишлар вазири хотирасига бағишланган форумнинг муваффақиятли ўтказилиши билан С.Лавровни табриклади”, - дейилади Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизматининг хабарида.

Учрашувда Ўзбекистон-Россия кун тартибидаги бир қатор долзарб масалалар муҳокама қилинди.

“Аввало, Тошкент шаҳрида куз ойида ўтказилиши режалаштирилган президентлар Шавкат Мирзиёев ва Владимир Путин учрашуви кун тартиби юзасидан таклифлар кўриб чиқилди. Музокараларда Россия Президентининг Ўзбекистонга бўлажак давлат ташрифи иттифоқлик ва стратегик шерикликка асосланган икки томонлама муносабатларни янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш, унга аниқ ва узоқ муддатли тус бериш учун алоҳида аҳамият касб этиши таъкидланди”, - деб таъкидланади хабарда.

Шунингдек, вазирлар томонидан айрим халқаро ва минтақавий муаммолар юзасидан фикр алмашилди.

Сурат манбаи: https://iz.ru/697368/2018-01-19/lavrov-provel-vstrechu-s-glavoi-mid-uzbekistana

Янгилик билан ўртоқлашиш: