Адлия вазирлиги “Автотест” монополиясини бекор қилувчи ҳужжатни тайёрламоқда

Дата: 16:27, 14-02-2018.

Тошкент. 14 феврал. ЎзТАГ – Адлия вазирлиги томонидан “Автотест” компаниясининг юридик шахслар ҳайдовчиларини вақти-вақти билан қайта тайёрлаш бўйича монополиясини бекор қилувчи ҳужжат тайёрламоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) вазирликнинг расмий Телеграм-каналига асосланган ҳолда.

“Адлия вазирлиги томонидан автотранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш ва малакасини ошириш бўйича “Автотест” МЧЖнинг монопол ҳуқуқларини бекор қилиш бўйича ҳукумат қарори лойиҳаси тайёрланмоқда. Лойиҳада ҳайдовчиларни тайёрлаш ва малакаси ошириш фаолияти билан шуғулланиш ҳуқуқини қонунчиликда белгиланган талабларга жавоб берадиган барча хўжалик юритувчи субъектларга бериш кўзда тутилмоқда”, - деб таъкидланади давлат муассасаси хабарида.

Шунингдек, юридик шахслар ҳайдовчиларига вақти-вақти билан малака оширишга оид талабни қисман бекор қилиш масаласи кўриб чиқилмоқда. Даврий равишда ҳайдовчилик малакасини ошириш талабини фақат тижорат сифатида йўловчи ва юк ташиш билан шуғулланувчи шахсларга нисбатан қолдириш таклиф қилинмоқда.

Эслатиб ўтамизки, 2017 йил сентябрда Вазирлар Маҳкамаси “Автотест” хусусий компанияси базасида мажбурий равишда ҳар икки йилда бир марта юридик шахслар ҳайдовчиларининг малакасини ошириш ҳақида қарор чиқарган эди. Ушбу қарор жамоатчиликда норозиликлар туғдирди ва муҳокамаларга сабаб бўлди.

Сурат манбаи: https://www.gazeta.uz/ru/2018/02/13/avtotest/

Янгилик билан ўртоқлашиш: