Адлия вазирлиги Наманган вилоятида етти фермерни ҳимоя қилди

Дата: 14:32, 25-10-2018.

Тошкент. 25 октябр. ЎзТАГ – Адлия вазирлиги Наманган вилоятида етти фермерни ҳимоя қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Буни Наманган туман адлия бўлими томонидан Наманган туман Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими фаолиятини ўрганиш давомида аниқланган камчиликларда кўриш мумкин”, - дейилади Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги матбуот хизмати хабарида.

Хусусан, бўлим (Наманган туман Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлими – ЎзТАГ) маъмурий ҳуқуқбузарликларга оид ишларни кўриб чиқиш ваколатига эга бўлмаса-да, 7 нафар фермер хўжалиги раҳбарига нисбатан ноқонуний қарорлар қабул қилган. “Аслида ҳуқуқбузарликларга оид ишларни кўриб чиқиш суднинг ваколатига тааллуқли”, – дейилади хабарда.

Масалан, давлат ер кадастри қоидаларини бузган деб Наманган туманидаги “Саховат кумуш толаси” фермер хўжалиги раҳбари Қ. Қўчқаровага нисбатан 516 720 сўм маъмурий жарима қўлланилган. Ваҳоланки, тадбиркорлик субъектларининг мансабдор шахслари томонидан содир этилган маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишлар маъмурий судлар томонидан кўриб чиқилади.

“Шунга кўра, Наманган туман адлия бўлими томонидан юқоридаги ноқонуний қарорларни бекор қилиш юзасидан туман маъмурий судига ариза киритилди ҳамда Наманган туман Ер ресурслари ва давлат кадастри бўлимининг 7 та ноқонуний қарорлари бекор қилинди”, - деб таъкидланади хабарда.

Шунингдек, фермер хўжалиги раҳбарларига белгиланган жарималарни мажбурий тартибда ундиришга оид ижро ҳужжатлари ҳам бекор қилиниб, улар жарима тўлашдан озод этилди.

Сурат манбаи: https://ru.sputniknews-uz.com

Янгилик билан ўртоқлашиш: