Адлия вазирлигининг эксперт комиссияси барча ўзбек нотариусларининг ишини текширади

Дата: 15:38, 24-01-2019.

Тошкент. 24 январ. ЎзТАГ – Ўзбекистон Адлия вазирлиги ҳузурида нотариат соҳасида Экспертлик комиссияси ташкил қилинди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Вазирликдан маълум қилишларича, бунинг сабаби кишиларнинг ушбу тизимга ишончи пасайганлигидир. Нотариат соҳасида нотариал хизматларнинг сифати ва тезкорлигининг паст даражадалиги, нотариал идоралардаги узундан-узун навбатлар, нотариал ҳаракатларни бажаришдаги амалиётдаги муаммолар, мавжуд бюрократик тўсиқ ва ғовлар қайд этилмоқда.

Экспертлик комиссияси, амалиётдаги мавжуд муаммоларни батараф этиш ва нотариат тизимини замон талабларига мос келадиган соҳага айлантириш мақсадида ташкил қилинди.

Экспертлик комиссияси таркибига жамоатчилик асосида фаолият кўрсатувчи 7 нафар аъзодан иборат бўлиб, унинг таркибига ҳуқуқ соҳасидаги етакчи мутахассис-олимлар, тажрибали нотариуслар ва Адлия вазирлигининг масъул ходимлари киритилди.

Комиссияга нотариал ҳаракатларни амалга оширишда жойлардаги мавжуд муаммоларни аниқлаш ва уларни ҳал қилиш, соҳада бир хил амалиётни таъминлаш, қонун ҳужжатларидаги ҳуқуқий нуқсонларни, коррупцияга, бошқа ҳуқуқбузарликларни содир этишга, фуқаролардан ортиқча ҳужжатлар талаб қилишга, уларни турли хил оввора-сарсон қилишга шарт-шароит яратувчи қоидалар ва нормаларни аниқлаш вазифаси юклатилди.

Бундан ташқари, комиссиянинг муҳим вазифалари орасида – нотариал ҳаракатларни бажариш учун тақдим қилинадиган ҳужжат турларини тубдан қисқартириш, нотариал ҳаракатларни бажариш учун зарур бўлган барча ҳужжатларни электрон тизим орқали олиш ҳамда қонунчиликда нотариал тасдиқлаш мажбурий талаб қилинадиган битим ва ҳужжатларнинг турларини қисқартиришнинг қонуний йўлларини излаб топиш кабилар ҳам киради.

Сурат манбаи: http://loyer.com.ua

Янгилик билан ўртоқлашиш: