“Адолат” партияси фракцияси депутатлари сайлов округларида учрашувлар ўтказадилар

Дата: 14:56, 12-01-2018.

Тошкент. 12 январ. ЎзТАГ – 13-22 январда “Адолат” социал-демократик партияси фракцияси депутатлари сайлов округларида учрашувлар ўтказадилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Учрашув мавзуси Ўзбекистон Президентининг биринчи Мурожаатномаси моҳиятини тушунтириш бўлади. Шунингдек, депутатлар “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” Давлат дастури лойиҳаси бўйича таклиф ва фикрларни йиғадилар.

Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси фракциясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги йиғилишида шу ҳақида гапирилди.

Парламент маълумотларига кўра, жорий йилга “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили” деб ном берилиши “Адолат” СДП ва унинг барча даражадаги депутатлик гуруҳларидан алоҳида фаоллик талаб этади. Чунки партия инновацион иқтисодиётга ўтиш ғоясини илгари суриб келмоқда.

Бунда Инновацион ривожланиш вазирлиги билан ҳамкорликда “Инновацион фаолият тўғрисида”ги қонунни қабул қилиш жараёнини тезлаштириш муҳим. Оддий аҳолидан фикр, таклифлар олиш, бу борада замонавий ахборот технологияларидан унумли фойдаланиш зарурлиги таъкидланди.

Бундан ташқари, фракция ташаббуси билан Адвокатларнинг консалтинг хизмати, яъни маслаҳат бериш ва тадбиркорлик субъектларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш борасидаги фаолиятини кенгайтиришга қаратилган “Адвокатура тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш таклифи илгари сурилди.

Сурат манбаи: https://en.wikipedia.org/wiki/File:Adolat.png

Янгилик билан ўртоқлашиш: