“Адолат” партияси Ўзбекистонда донорлик акцияси ўтказди

Дата: 13:17, 06-12-2018.

Тошкент. 6 декабр. ЎзТАГ – “Адолат” партияси Ўзбекистон Конституцияси куни арафасида бутун мамлакат бўйлаб донорлик хайрия акцияси ўтказди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Партия матбуот хизматидан маълум қилишларича, унда 1 мингдан ортиқ ватандошлар иштирок этдилар. Улар орасида давлат, жамоат арбоблари, турли вазирлик, муассаса, ҳамда ташкилотлар масъул ходимлари, Олий Мажлис Сенати аъзолари, Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашлардаги депутатлар, халқ ардоғидаги ёзувчи, шоир, санъаткорлар билан биргаликда партия ходимлари бор.

Акция тиббий ва ижтимоий ёрдамга муҳтож болаларни қўллаб қувватлашга аратилган. Тадбир Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлар марказларидаги кўп тармоқли болалар шифохоналарида ҳамда Тошкент шаҳридаги Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институтида ўтказилди.

Фақат Гематология ва қон қуйиш илмий текшириш институтида ҳам шу турдаги касалликлар, шу жумладан, анемиянинг оғир шакли, қон саратони (лейкоз), қон уюшиши тизимининг бузилиши (гемофилия) билан оғриган юзлаб болалар қалбида эзгуликлар билан яшайдиган инсонлар – донорлар мурувватини кутиб яшамоқда.

Эслатиб ўтамиз, бугун бутун мамлакатда аҳолининг 0,4%гина қон топширади. Ривожланган давлатларда бу кўрсаткич 3-4%ни ташкил қилади. Бутун жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсияларида эса донорлар аҳоли сонининг камида – 1%ни ташкил этиши лозимлиги белгилаган.

Сурат манбаи: https://postila.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: