Афғонистон бўйича махсус вакил бошчилигидаги делегация Қувайтда учрашувлар ўтказди

Дата: 13:34, 14-05-2018.

Тошкент. 14 май. ЎзТАГ – 10-май куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматулла Иргашев бошчилигидаги делегация Қувайт Давлатига ташрифи чоғида Қувайт Бош вазирининг биринчи ўринбосари, Мудофаа вазири шайх Насир Сабаҳ ал-Аҳмад ал-Сабаҳ ва Ташқи ишлар вазири ўринбосари Али Сулайман ал-Сайид билан учрашувлар ва музокаралар ўтказди, деб хабар беради Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати.

Икки томон кун тартибидаги асосий масалалар муҳокама қилинди.

“Қувайт раҳбарлари Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг узоқни кўзлаган ташқи ва ички сиёсатини қўллаб-қувватладилар ва унинг раҳбарлигида амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларни юқори баҳоладилар. Музокараларда ҳамкорликни янада ривожлантиришдан томонлар манфаатдор эканлиги тасдиқланди. Қувайт компаниялари Ўзбекистон иқтисодиётининг турли тармоқларига инвестиция киритишга тайёр эканлиги қайд этилди. Шу нуқтайи назардан Савдо-иқтисодий ва илмий-техник ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссиясининг биринчи мажлисини 2018-йил июл ойида Тошкент шаҳрида ўтказиш ҳамда Қувайт ва Ўзбекистон ўртасида тўғридан-тўғри авиақатнов очилиши муҳим аҳамиятга эга”, - дейилади хабарда.

Қувайт томони Ўзбекистон ҳукуматининг Қувайт фуқароларига соддалаштирилган тартибда виза бериш бўйича қарорини миннатдорлик билан қайд этди.

“Учрашувларда мамлакатимизда маданий-гуманитар соҳадаги ҳамкорликнинг аниқ йўналишлари, Қувайт университети ҳузуридаги Тиллларни ўрганиш марказида Ўзбекистон вакиллари ўқитиш истиқболлари, шунингдек, араб тили ўқитувчиларини мамлакатимиз таълим муассасаларида дарс бериш учун жўнатиш масалалари ҳам муҳокама қилинди”, - дейилади хабарда.

Сурат манбаи: https://ria.ru/world/20180206/1514041831.html

Янгилик билан ўртоқлашиш: