Афғонистон президенти Мирзиёевга мактуб йўллади

Дата: 10:06, 09-11-2017.

Тошкент. 9 ноябр. ЎзТАГ – Афғонистон президенти Муҳаммад Ашраф Ғани Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевга мактуб йўллади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Халқларимизнинг тили, дини ва маданияти яқин экани ўзаро дўстлик алоқаларини янада ривожлантириш ва мустаҳкамлаш учун муҳим асос бўлиб хизмат қилмоқда. Афғонистон ва Ўзбекистон Республикаси халқларимиз манфаатига хизмат қиладиган ўзаро алоқаларни кенгайтириш ва мустаҳкамлаш бўйича салмоқли қадамлар ташлади. Менинг ва Афғонистон делегацияларининг Ўзбекистонга сўнгги сафарлари мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатларни ривожлантиришдан манфаатдор эканимизнинг яққол тасдиғидир. Сизга ва бутун ўзбек халқига ушбу йиллар мобайнида кўрсатилган ёрдам учун ўз миннатдорчилигимни билдираман”, - дейилади мактубда. 

Ашраф Ғанининг сўзларига кўра, Афғонистон мамлакатларимизни янада яқинлаштириш ва иқтисодиётимизни ривожлантиришга хизмат қиладиган қўшма лойиҳалар устида ишлашни давом эттиради. 

“Мамлакатларимиз ўртасида ҳамкорлик муносабатларини ривожлантириш йўлидаги саъй-ҳаракатларингиз учун Сизга яна бир бор ташаккур изҳор этаман. Сўзим охирида Сиз, Жаноби Олийларига яна бир бор мустаҳкам соғлиқ, халқингизга бахт ва фаровонлик тилайман”, - деб таъкидлади Афғонистон раҳбари.

Янгилик билан ўртоқлашиш: