Афғонистон президенти Тошкентга расмий ташриф билан етиб келди

Дата: 10:11, 05-12-2017.

Тошкент. 5 декабр. ЎзТАГ – Афғонистон президенти Тошкентга расмий ташриф билан етиб келди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Ашраф Ғани 4 декабрь куни расмий ташриф билан мамлакатимизга келди. Ислом Каримов номидаги Тошкент халқаро аэропортида олий мартабали меҳмонни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов кутиб олди”, - дейилади давлат раҳбарининг матбуот хизмати хабарида.  

Ташрифнинг асосий тадбирлари 5-6 декабрь куни бўлиб ўтади. 

Олдин маълум қилингани каби, олий даражадаги бўлажак учрашувларда Ўзбекистон ва Афғонистон муносабатларининг бугунги ҳолати ва узоқ истиқболга мўлжалланган ҳамкорликни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини муҳокама қилиш, халқаро ва минтақавий масалалар юзасидан фикр алмашиш режалаштирилган. 

“Музокаралар якунида давлат раҳбарларининг Қўшма баёноти қабул қилиниши, сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, транспорт-коммуникация, фан, таълим ва бошқа соҳаларда икки томонлама ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга қаратилган қатор ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар, шунингдек, тижорат шартномалари имзоланиши кутилмоқда”, - дейилади хабарда. 

Афғонистон Президенти Ўзбекистонга ташрифи доирасида Бухоро шаҳрини ҳам зиёрат қилади ва бу ерда Бухоро Давлат университети профессор-ўқитувчи ва талабалари олдида нутқ сўзлайди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: