Афғонистон солиқлар тўлашнинг электрон тизимига ўтди

Дата: 14:47, 05-02-2015.

Тошкент. 5 феврал. ЎзТАГ – Афғонистон солиқлар тўлашнинг электрон тизимига ўтди, дея хабар қилади Афғон телеграф агентлиги (АфТАГ) пайшанба куни.

Афғонистон Божхона ва даромадлар вазирининг ўринбосари Гул Мақсуд Азизийнинг сўзларига кўра, ушбу тизим коррупциянинг олди олиш, вақтни тежаш ва тадбиркларларга енгиллик яратишга имкон беради.

Қайд этиш зарурки, кейинги йилларда давлат ғазнасига тушаётган солиқлар миқдори кўпаймоқда. Масалан, уч йил олдин мамлакат бўйича 40 млрд. афгоний (1$ - 57.7 AF) солиқ сифатида тушган бўлса, 2013 молия йилида ушбу сумма 102 млрдга кўпайди.

Ҳозирда Афғонистон доимий бюджетининг 56% ва тараққиёт бюджети харажатларининг 17% мамлакатнинг ўз даромадларидан тўланмоқда. Аммо, шунга қарамай, шаффофликни таъминловчи халқаро ташкилот (Transparency International) Афғонистонни дунёнинг энг коррупциялашган давлатларидан бири деб ҳисоблайди.

Кўпчилик экспертлар солиқларни электрон тўлаш тизимига ўтиш мамлакат юқоридаги ҳолатдан чиқишига ёрдам беради, деган фикрда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: