Афғонистон ҳукумати ва армия мамлакатдаги вазиятни тўлиқ назорат қилишга қодир эмас – Каримов

Дата: 13:20, 19-10-2015.

Тошкент. 19 октябр. ЎзТАГ – Афғонистон ҳукумати ва армия мамлакатдаги ҳавфсизликка доир вазиятни тўлиқ назорат қилишга қодир эмас, деди Ўзбекистон президенти Ислом Каримов. Бу ҳақида маҳаллий ОАВ хабар қилмоқда.

“Яқинда Қундуз шаҳрида рўй берган воқеалар ҳукуматнинг парокандалиги ва ҳаракатсизлигини, айни пайтда толиблар фаол ҳамда уюшган ҳолда ҳаракат қилганини кўрсатди. Бунинг оқибатида толиблар шаҳарни бир неча кун эгаллаб турди”, - деб иқтибос келтиради ОАВ И.Каримовнинг 15-16 октябрда Қозоғистондаги МДҲ Давлат раҳбарлари кенгашида сўзлаган нутқидан.

Шунингдек, Каримов Афғонистондаги жангари гуруҳлар мамлакат жанубидан шимол ва шимоли-шарқига ўтаётгани, чегара ҳудудларидаги вазият кескинлашиб бораётгани ҳам ташвиш уйғотмасдан қолмаётганини таъкидлаб ўтди.

“Афғонистонда юзага келаётган вазиятни инобатга олган ҳолда, кўплаб мутахассислар Ироқнинг аянчли аҳволини такрорламаслик учун Афғонистонда АЙСАФ (Афғонистонда 2001 йилдан бери ҳаракатда бўлган НАТО томонидан бошқариладиган ҳарбий контингент – ЎзТАГ), ҳарбийларини кўпайтириш, уларнинг бу мамлакатда бўлишини яна бир неча йилга узайтириш керак, деган фикрга қўшилмоқда. Бунинг учун жиддий асослар бор”, - деб ҳисоблайди Ўзбекистон раҳбари.

“Аммо, Афғонистондаги вазият қандай кечишидан қатъи назар, шуни тўла ишонч билан айтиш мумкинки, Афғонистон муаммосини фақат бир йўл, яъни БМТ шафелигида тинч сиёсий музокаралар ўтказиш ва ўзаро курашаётган томонларни муросага келтириш орқалигина ҳал этиш мумкин. Бошқа йўл йўқ”, - деб таъкидлади Каримов.

Аввал маълум қилингани каби, кейинги ойларда Афғонистондаги вазият кескин ёмонлашди. Мамлакат қишлоқ ҳудудларининг кўпчилигини эгаллаган “Толибон” радикал ҳаракати йирик шаҳарларга хужум қилишни бошлади. Сентябр охирида “Толибон” жангарилари шимолий афғонистондаги Қундуз шаҳрини эгаллаб олдилар. Бу ерда 300 минг киши истиқомат қилади. Ҳозирда эса жангарилар Ғазни вилоятининг маркази бўлган шу номли шаҳарга хужум қилмоқдалар. Ушбу шаҳар мамлакат пойтахти Қобулдан жанубий-ғарбда жойлашган.

Эслатиб ўтамизки, МДҲ саммити ўтган жума куни Бурабойда (Қозоғистон) бўлиб ўтди. Унинг якунлари бўйича МДҲ аъзо давлатларнинг Ҳарбий ҳамкорлиги Концепцияси, шунингдек, МДҲ аъзо давлатларнинг 2016-2020 йилларда ташқи чегараларни мустаҳкамлаш соҳасидаги ҳамкорлиги дастури ва қатор бошқа хужжатлар имзоланди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: