Афғонистон Ўзбекистондан товарлар етказиб берилишини кўпайтиришдан манфаатдор

Дата: 17:21, 22-02-2018.

Тошкент. 22 феврал. ЎзТАГ – Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлигида Афғонистон Ислом Республикаси Президентининг МДҲ мамлакатлари билан ҳамкорлик қилиш учун махсус вакили Ш.Коргар бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) муассаса матбуот хизматига таянган ҳолда.

“Учрашувда, Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Муҳаммад Арраф Ғанининг 2017-йил 4-6 декабр кунлари Ўзбекистон Республикасига ташрифи давомида эришилган келишувларнинг амалий бажарилиши муҳокама қилинди. Афғон бозорига маиший техника, трансформаторлар, кабель ва сим маҳсулотлари, трикотаж маҳсулотлари, маҳаллий енгил ва юк машиналари, автобуслар асосида қишлоқ хўжалиги ва махсус техникани мунтазам равишда етказиб бериш орқали ўзаро савдони диверсификация қилиш имкониятларига алоҳида этибор берилди”, - деб таъкидланади хабарда.    

Ўз навбатида, афғон вакиллари томонидан Ўзбекистон Республикасидан Афғонистонга электр энергия, дори воситалари, кабель ва сим маҳсулотлари, шунингдек, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилаётган қишлоқ хўжалиги техникаси ва автомобилларига катта қизиқиш билдирилди. Шунингдек, томонлар ўзбек автомобилларининг рақобатбардошлигини ошириш учун дилерлик ва хизмат кўрсатиш марказларини очиш имкониятларини кўриб чиқдилар.

Иккитомонлама савдо-сотиқ ҳажмини янада кўпайтириш мақсадида, томонлар Ўзбекистонда Афғонистон савдо офиси ташкил этилиши, “Термиз Карго” экспорт маркази фаолиятини фаоллаштириш, ҳамда Қобул ва Мозори-Шариф шаҳарларида ўзбек-афғон савдо уйларининг ишга туширилиги тўғрисида келишувларга эришдилар.

Шунингдек, томонлар стратегик аҳамиятга эга бўлган Мозори-Шариф-Ҳирот темир йўлининг қурилиши ва Сурхон-Пули-Хумри электр узатиш линиясини қуриш каби лойиҳаларни амалга оширишни тезлаштириш бўйича фикр алмашдилар. Бундан ташқари, Афғонистоннинг шимолида жойлашган истиқболга эга бўлган углеводород конларини геология-разведкаси бўйича ўзаро лойиҳаларни тиклаш имкониятлари муҳокама қилинди.

Сурат манбаи: https://chinaexpro.ru/services/proizvodstvo-i-zakupki/postavki-pod-klyuch/

Янгилик билан ўртоқлашиш: