Афғонистоннинг Боғлон вилоятида толибларнинг ЭУЛ портлатиши натижасида Ўзбекистондан етказилаётган электр таъминоти тўхтаб қолди

Дата: 14:16, 28-01-2016.

Тошкент. 28 январ. ЎзТАГ – Афғонистоннинг Боғлон вилоятида толибларнинг ЭУЛ портлатиши натижасида Ўзбекистондан етказиб берилаётган электр таъминоти тўхтаб қолди, деб хабар беради Афғон телеграф агентлиги (АфТАГ).

Бу ҳақида яқинда “Пажвок” афғон ахборот агентлиги мамлакат хавфсизлик кучлари вакилига асосланган ҳолда хабар қилди.

“Экстремистлар Ўзбекистондан электроэнергия етказилиб берилаётган электр узатиш линиясини портлатиб юбордилар. Бу линиядан Қобулга ҳам электр қуввати етказилиб берилар эди”, - деб таъкидлади маълумотни журналистларга вилоят губернатори Абдул Саттор.

Унинг сўзларига кўра, тез орада мутахассислар бригадаси воқеа жойига электр таъминотини тиклаш учун етиб боради. “Аммо бунинг учун анча вақт талаб қилинади. Чунки олдин ҳудудни “Толибон” жангариларидан тозалаш зарур”, - деб қўшимча қилди амалдор.

Khaama Pressнинг хабарига кўра, сешанба куни Боғлон вилоятида йирик аксилтолиб операцияси бошланди.

Жанговор ҳаракатлар вилоят маркази Пули-Хумри шаҳри ҳудудида бўлиб ўтмоқда, лекин тозалаш ишлари вилоятдан ташқарида ҳам ўтказилмоқда.

Расмий ҳисоботларга кўра, операция доирасида 15 жангари йўқ қилинди. Улар орасида 2 маҳаллий қўмондон ҳам бўлган.

Янгилик билан ўртоқлашиш: