Агар ҳамма ўз вазифасини бажарса, ҳар қандай рақибни енгамиз – Сергей Лущан

Дата: 10:02, 17-02-2015.

Тошкент. 17 феврал. ЎзТАГ – “Бунёдкор” футбол клубининг бош мураббийси Сергей Лущан Осиё чемпионлар лигаси доирасида “Ал-Жазира”га қарши бўладиган малака ўйини олдидан ўйин ҳақидаги фикрлари билан ўртоқлашди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Бу жуда муҳим ўйин. Фикримча, ёмон жамоа тузмадик ва тайёргарлигимиз ҳам яхши ўтди. Ёмғирли об-ҳаво бизга ҳалақит қила олмайди. Стадионимиз майдони Ўзбекистондаги энг яхши майдонлардан бири. Эшитишимча, ўзбек клубларидан ҳали ҳеч ким “плей-офф” босқичидан ўта олмаган экан. Ушбу нохуш анъанани тўхтатиб, мухлисларга қувонч улашмоқчимиз”, – деб таъкидлади С.Лущан.

Унинг сўзларига кўра, ҳозир гап рақибда эмас, балки ушбу ўйин мавсумнинг илк ўйини эканлигида.

“Ўйин давомида барибир ўзига ҳос ҳаяжон бўлади. Футболчилар уни иложи борича тезроқ енгишлари зарур. Агар ҳамма ўз вазифасини бажарса, ҳар қандай рақибни енгамиз. Тўлиб тошган трибуналарда ўйнашни истаймиз. Мухлисларни стадионга таклиф қиламан. Яхши ўйин кўрсатиб, рақибни енгишга ҳаракат қиламиз”, – деди у.

Янгилик билан ўртоқлашиш: