“Агробанк” фуқароларни бизнесга жалб қилиш бўйича махсус дастурни амалга оширишни бошлади

Дата: 16:44, 19-01-2017.

Тошкент. 19 январ. ЎзТАГ – “Агробанк” АТБ фуқароларни бизнесга жалб қилиш бўйича махсус дастурни амалга оширишни бошлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ушбу дастур Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Олий Мажлис палаталарининг қўшма мажлисида сўзлаган нутқида эълон қилинган бўлиб, ўшанда у давлат банклари ҳар бир оила билан мулоқот ташкил қилиш орқали фуқароларнинг тадбиркорлик билан шуғулланиши учун қулай имкониятлар яратиши кераклигини таъкидлаган эди.

“Агробанк” ходимлари ушбу вазифани бажариш учун 813 аҳоли масканидаги 1,3 миллионга яқин хонадонга ташриф буюришни мақсад қилишган. Шу муносабат билан махсус бўлинма ҳам ташкил этилди. Банкнинг Қорақалпоғистон, вилоятлардаги бошқармалари ва 176 филиалида махсус бўлимлар очилди”, - деб таъкидлашди банкда.

Банк ходимлари хонадонларга ташриф буюришиб, суҳбат ўтказадилар, тадбиркорлик фаолиятини бошлаш имкониятлари ҳақида тушунчалар берадилар, қисқа муддатда кредит маблағлари ажратиш бўйича тадбирларни амалга оширирадилар. Бугунги кунда банкнинг янги бошқарма ва бўлимларига 576 нафар малакали мутахассис ишга қабул қилинди.

Эслатиб ўтамизки, ўтган йилда банк кўп тармоқли фермер хўжаликларига 294,7 млрд сўм миқдорида кредит тақдим этди. Бундан чорвачиликка 14,9 млрд сўм, паррандачиликка 856 млн сўм, балиқчиликка 381 млн сўм, теплицалар ташкил этишга 6,1 млрд сўм ажратилди. Аҳолининг истеъмол кредитлари 82,2 млрд сўмни ташкил этди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: