Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни риволжлантириш вазирлигида “LG CNS” корейс компанияси раҳбари билан учрашув бўлиб ўтди

Дата: 08:30, 13-04-2016.

Тошкент. 13 апрел. ЎзТАГ –  Ахборот технологиялари ва коммуникацияларни риволжлантириш вазирлигида Жанубий Кореянинг “LG CNS” компаниясининг янги сайланган президенти Ким Ён Соб бошчилигидаги делегация билан учрашув бўлиб ўтди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Вазирликдан хабар беришларича, Ўзбекистонда “LG CNS Ўзбекистон”  ўзбек-корейс қўшма корхонаси ташкил этилган эди. У дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқиш, аппаратли-дастурий комплексларни ўрнатиш ва жорий этишни амалга оширади.

Ушбу лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2014-йил 19-сентябр ПҚ-2237 сонли “Ахборот тизимлари ва дастурий таъминот маҳсулотларини ишлаб чиқиш соҳасига чет эл инвестициясини жалб қилиш тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ амалга оширилган.

Учрашув мобайнида томонлар “LG CNS Ўзбекистон” қўшма корхонаси томонидан айни пайтда амалга оширилаётган лойиҳалар ва истиқболдаги ривожи хусусида фикр-мулоҳазаларини баён этдилар. Хусусан, халқаро андаза талабларига жавоб берадиган дастурий маҳсулотлар ишлаб чиқариш, корхонага малакали мутахассисларни жалб этиш ва маҳаллий кадрлар салоҳиятини ошириб бориш, хорижий бозорга чиқиш билан боғлиқ жиҳатлар юзасидан фикр алмашилди.

Эслатиб ўтамизки, “LG CNS” компаниясига 1987-йилда LG корпорацияси томонидан асос солинган. У Жанубий Кореянинг ахборот технологиялари хизматларини кўрсатиш соҳасида энг йирик компанияси бўлиб ҳисобланади. Компания бутун жаҳонда 10 дан ортиқ минтақавий офисларига эга ҳамда унда фаолият юритувчи ходимларининг сони 10 мингдан ортиқ.

Янгилик билан ўртоқлашиш: