Ахборот технологиялари вазирлиги АКТ бўйича энг яхши мақолага конкурс эълон қилди

Дата: 16:37, 14-04-2017.

Тошкент. 14 апрел. ЎзТАГ – Ўзбекистон Ахборот технологиялари вазирлиги ахборот-коммуникация технологиялари мавзусидаги энг яхши журналистик ишлари учун конкурс эълон қилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Вазирлик маълумотига кўра, танловнинг мақсади жамиятимизда ахборотлаштириш, “электрон ҳукумат”, телекоммуникация технологиялари йўналишларида амалга оширилаётган лойиҳаларни кенг тарғиб қилишдан иборат. Танловнинг яна бир мақсади  аҳолининг ахборот-коммуникация технологиялари бўйича билим ва кўникмаларини ошириш, жумладан “электрон ҳукумат” тизимининг янги хизматлари ва қулайликларидан хабардор қилишдир. 

Танловда давлат ва хусусий оммавий ахборот воситалари – газета, радио, телевидение, ахборот агентликларида ва интернет нашрларида фаолият олиб борувчи журналистлар 2017 йилнинг 15 апрелидан 25 августига қадар эълон қилинган ўзбек ёки рус тилларидаги таҳлилий-танқидий материаллари билан иштирок этишлари мумкин бўлади.

Танловда иштирок этиш истагида бўлган ОАВ вакиллари журналистик ишларини вазирлик Ахборот хизматига тақдим этишлари керак бўлади.

Ғолиблар 2017 йил сентябр ойида ташкил этиладиган “АКТ ҳафталиги” доирасида тақдирланадилар.

 

Янгилик билан ўртоқлашиш: