Ахборот технологияларини ривожлантириш вазирлигига алоқа сифати бўйича 1,5 мингдан зиёд шикоятлар келиб тушди

Дата: 17:02, 07-05-2018.

Тошкент. 7 май. ЎзТАГ – Фақат жорий йилнинг биринчи чорагида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигига алоқа сифати бўйича 1,5 мингдан зиёд шикоятлар келиб тушди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) муассаса матбуот хизматига асосланган ҳолда.

Бу ҳақида мобиль алоқа операторлари ва интернет-провайдерлари билан давра суҳбатида сўз борди. Тадбирда алоқа, ахборотлаштириш ва телекоммуникация хизматлари сифатини яхшилаш масалалари муҳокама этилди. Унда вазир Азим Ахмедхаджаев ҳам қатнашди.

“Шуни алоҳида таъкидлаб ўтиш керакки, алоқа сифати устидан шикоятлар борган сари ўсиб бормоқда. Биргина 2018 йилнинг дастлабки чорагида ана шундай мурожаатлар сони 1,5 мингдан ошиб кетди. Статистик таҳлиллар мурожаатларнинг аксарияти қуйидаги соҳаларга оид бўлаётганини кўрсатмоқда: интернет хизматлари - 349 та мурожаат (22%), турғун алоқа - 272 та мурожаат (17%), мобил алоқа - 275 та мурожаат (17%), почта алоқаси - 153 та мурожаат (10%) ва телерадиодастурлар - 77 та мурожаат (5%)”, - деб таъкидланади хабарда.

Давра суҳбати давомида операторларга алоқа бозоридаги муаммоларни кун тартибига киритиш, мобил алоқа операторлари ва интернет-провайдерлар фаолиятида учрайдиган бюрократик тўсиқлар ҳақида сўзлаб бериш имконияти тақдим этилди.

Учрашув якуни бўйича худди шундай учрашувларни доимий равишда ўтказиш келишиб олинди.

Эслатиб ўтамизки, яқинда мамлакатдаги энг йирик мобиль операторлар – Beeline ва Ucell алоқа сифати ёмонлиги учун йирик жарималарга тортилди.

Сурат манбаи: https://techcrunch.com/2013/11/06/geopoll/

Янгилик билан ўртоқлашиш: