Алишер Усмонов Нобель мукофоти лауреати медалини қонуний эгасига қайтариш мақсадида сотиб олгани маълум бўлди

Дата: 12:45, 10-12-2014.

Тошкент. 10 декабр. ЎзТАГ – Маълум бўлишича, биолог Жеймс Уотсоннинг 4 декабрда нью-йоркдаги Christie’s аукционида сотилган Нобель муккофоти медалини россияда истиқомат қилувчи асли ўзбекистонлик тадбиркор Алишер Усмонов сотиб олган, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бизнесмен медални сотишда тушган пулларни илмий муассасларни қўллаб-қувватлашга сарфлашни режалаштирган олимнинг ўзига қайтариш ниятидалигини маълум қилди.

“Мен атоқли олим ўзининг мукофотини сотишига йўл қўймаслик зарур деб ҳисоблайман. Жеймс Уотсон – инсоният тарихидаги энг йирик биологлардан бири ва унинг ДНК таркиби ҳақидаги тадқиқоти учун олган медали олимнинг ўзида қолиши зарур. Мен унинг замонавий илм-фанга қўшган ҳиссасини юқори қадрлайман. Уотсоннинг ишлари менинг отам вафот этган хасталик бўлган ракка қарши курашга доир тадқиқотларга кўмаклашди. Менинг учун маблағларим илмий тадқиқотларга йўналиши, мукофот эса бунга лойиқ бўлган кишида қолиши жуда муҳим”, - деб таъкидлади бизнесмен.

Эслатиб ўтамизки, 1962 йилги Нобель мукофоти лауреатининг медали аукционда $4,1 млнга сотилган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: