Алматидаги сел: воқеалар хроникаси (қўшимча)

Дата: 17:06, 23-07-2015.

Тошкент. 23 июл. ЎзТАГ – 22 июлдан 23 июлга ўтар кечаси Алматида сел келди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

ҚР ИИВ ФВ бўйича қўмитаси бошлиғи вазифасини бажарувчи Серик Аубакировнинг Алматида бўлиб ўтган брифингда хабар қилишича, шаҳардаги Каргалинка дарёси тўғонида юзага келган селдан кейин 900 киши эвакуация қилинган.

“Каргалинка дарёси тўғони ҳудудида ҚР ИИВ ФВҚ ҳудудий бўлинмалари томонидан 898 киши эвакуация қилинди!” - деди С.Аубакиров пайшанба кунги брифингда.

Бундан ташқари, Алатау тумани Алгабас поселкасида хусусий уйларни сув босган, 50 киши эвакуация қилинган.

Воқеа жойида жабрланган аҳолини қабул қилиш пунктлари очилиб, маҳаллий аҳоли сув, озиқ-овқат маҳсулотлари, тиббий ва психологик кўмак билан таъминланмоқда.

Сел кўп кунлик иссиқ ҳаво туфайли “Каргалинка” музлиги эриши, “Безымянное” кўлмак кўлининг тўлиб кетиши ва Каргалинка дарёси оқимидаги кўлнинг очилиб кетгани натижасида юзага келган.

Тафсилотлар билан танишиш учун воқеа жойига ҚР бош вазирининг ўринбосари Бердибек Сапарбаев ва ҚР ИИВ ўринбосари Владимир Божколар ташриф буюрганлар.

Қўмита маълумотларига кўра, ФВ оқибатларини бартараф қилиш учун ИИВ ва маҳаллий органлар шахсий таркибидан 1196 киши, 160 дона техники, 3 вертолёт жалб қилинган.

Кейинчалик, матбуот анжуманида Алмати ИИД расмий вакили Салтанат Азирбек Алматида яна қайта сел келиши ҳақида миш-мишларни тарқатганлар 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкинлигини маълум қилди.

“Полиция ижтимоий тармоқлар орқали тарқатилаётган ва ҳақиқатга мос келмайдиган барча сурат ҳамда видеоларни ўрганмоқда. Ёлғон маълумотларни тарқатганлар ЭКИҲ 5 минг баравари ёки 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаб қўйиш ёхуд ушбу муддатга озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин”, - деди С.Азирбек.

Айни пайтда у тўғон ёрилиб кетиши мумкинлиги ҳақидаги миш-мишлар ҳақиқатга тўғри келмаслиги ҳақида ҳам таъкидлаб ўтди.

Бундан ташқари, С.Азирбек ҳозирда полиция ижтимоий тармоқларда Алматидаги селга алоқаси бўлмаган сел келиш видеотасвирини жойлаштирган шахсларни қидираётганлигини маълум қилди.

“Махсус гуруҳ тузилган ва видео ҳозирда ўрганилмоқда. Уни бугунги воқеага боғлаган киши аниқланади”, - деб таъкидлади у.

Шунингдек, С.Азирбек ФВ жойида 500 полиция, ФВД ходимлари ва миллий гвардия ходимлари ишлаётгани ва улар томонидан тартиб сақланиб, талончилик ҳолатларига йўл қўймаслик таъминланаётганлигини ҳам айтиб ўтди.

Шу билан бирга у бўлиб ўтган сел Алматидаги йўл ҳаракатига таъсир қилмаслигини маълум қилинди.

“Йўл ҳаракати тиклаш ишлари якунланганидан кейин қайта очилади. Бу йўл ҳаракатига таъсир қилмайди, ҳаракат қўлда бошқарилмоқда, машиналар оқими асосий магистраллардан иккиламчиларига ўтказилмоқда”, - деди С.Азирбек.

Аммо сел туфайли ҳаракат қийинлашган кўчаларнинг сони аниқ эмас.

Кун ярмида КазТАГ ўз янгиликлар лентасида “Қозселданҳимоя”нинг давлат ташкилотларини огоҳлантириш бўлими бошлиғи Нурлан Медетбековнинг “Каргали дарёсидаги селга қарши ҳимоя сел оқимига дош берди”, деган изоҳини келтирган эди.

“Тўғон ўз вазифасини бажарди ва оқимга дош берди, бу ердан фақат сув ўтди, тупроқ қуйқалари ушлаб қолинди”, - деди Н.Медетбеков.

У умумий ҳажми 220 минг куб. м. бўлган сел сақлаш жойида селдан кейинги сел қуйқалари миқдори 20 минг куб. м. ташкил қилганини ҳам аниқлаштирди.

“Ҳеч қандай вайронагарчиликлар йўқ, барча қурилмалар меъёридаги ҳолатда. Ҳозир гапирилаётган ва ёзилаётганлар бари ваҳимадан бошқа нарса эмас”, - деб таъкидлади Н.Медетбеков.

Шундан бир оз вақт ўтганидан кейин КазТАГ Алмати ҳокими матбуот хизматининг шаҳарда фавқулодда ҳолат жорий этилгани ҳақидаги маълумотини берди.

“Бугун эрталаб маслаҳат сессиясида шаҳар ҳокими Аҳметжан Есимов депутатларга Алматида фавқулодда вазият эълон қилинганлиги ҳақида хабар қилди. Бу иш сел оқими келишидан жабрланганларга қонунда кўзда тутилган ёрдамни максимал равишда оператив етказиш мақсадида амалга оширилган.ФВ доирасида 2 миллиард тенге ажратилган”, - дейилади матбуот ихзмати хабарида.

Аниқлаштирилишича, шаҳарда оператив штаб фаолият юритмоқда, туманларда кўрилган зарар миқдори аниқлаштирилмоқда. Жабрланганлар вақтинчалик турар жой, озиқ-овқат маҳсулотлари, сув ва тиббий ёрдам билан таъминланган.

Эслатиб ўтамизки, 23 июлда Алматининг Науризбай туманида сел келиб, Жандосов ва Яссавий кўчаларига етиб борган, Каргалинка дарёси ўзанидан тахминан 1 метргача чиққан. ФВ туманига шаҳар махсус хизматлари олиб келинган.

Оператив штаб тузилиб, фаолият юритмоқда.

Янгилик билан ўртоқлашиш: