“Алоқабанк” ўзбек банки кобейджинг карталарини чиқарди
Тошкент. 18 июн. ЎзТАГ – “Алоқабанк” мижозлари Ўзбекистонда биринчи бўлиб кобейдж карталарининг эгалари бўладилар, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ягона умумреспублика процессинг маркази (ЯУПМ) UnionPay International тизими билан икки тўлов тизимларининг тўлов карталарини муомалага чиқариш бўйича лойиҳани ишлаб чиқдилар.
Жорий йилнинг май ойида ЯУПМ ва “Алоқабанк” АТБ раҳбарияти Хитой Халқ Республикасининг Шанхай шаҳрида жойлашган China UnionPay компаниясининг бош офисига ташриф буюришди. Учрашув натижаларига кўра ЯУПМ ва и UnionPay International ўртасида кобейдж карталарини муомалага чиқариш бўйича келишув имзоланди.
Натижада иккала тарафнинг қарорига кўра ҳар икки тўлов тизимининг аъзоси бўлган “Алоқабанк” АТБ ҳисоб-китобларни амалга оширувчи банк сифатида танланди. Шу билан бирга, “Алоқабанк” Ўзбекистонда биринчи бўлиб кобейдж карталарни муомалага чиқариш шарафига муяссар бўлди.
Ўз ўрнида UnionPay International ва “Алоқабанк” АТБ ўртасида UnionPay карталарини муомалага чиқариш юзасидан келишув имзоланди. Банк томонидан чиқарилиши режалаштирилган кобейдж карталари барча замонавий талабларга мос бўлган бевосита контактсиз тўловларни амалга ошириш имконини берувчи NFC чипи билан жиҳозланади.
Кобейдж карта – Ўзбекистон Республикасидаги ваколатли банклар томонидан эмиссия қилинувчи UzCard ва UPI тўлов тизимларининг ҳамкорликдаги картаси бўлиб, ундан ҳар иккала тўлов тизимининг инфраструктурасида фойдаланиш мумкин. Кобейдж карта миллий валютадаги (сўм) ягона ҳисобрақамга богланган бўлиб, сўмни АҚШ долларига бир зумда автоматик равишда конвертатсия қилиниши эвазига унинг сақловчисига чет элда товар ва хизматлар учун тўловларни амалга ошириш имкониятини яратади.
Сурат манбаи: http://m.yukle.mobi/sekil-yukle/?q=atm+menim&page=6