Амалдорлар мурожаатларни кўриб чиқишдаги сусткашлиги учун Мирзиёевдан ҳайфсан олишди

Дата: 07:26, 02-11-2016.

Тошкент. 2 ноябр. ЎзТАГ – Амалдорлар мурожаатларни кўриб чиқишдаги сусткашлиги учун Ўзбекистон Президенти вазифасини бажарувчи, бош вазир Шавкат Мирзиёевнинг ҳайфсан олишди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) виртуаль қабулхонанинг Facebook-саҳифасига асосланган ҳолда.

Маълумотга кўра, ҳайфсан Молия вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармаси ижро этувчи директорига Дилшод Султоновга, Наманган вилояти Поп тумани ҳокими Жавлонбек Йўлдошевга, Миробод тумани ҳокими Шарафиддин Қодировларга берилган.

“Молия вазирлиги ҳузуридаги Пенсия жамғармаси ижро этувчи директорига Султоновга Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида яшовчи М. Ходжаханова фарзанди 14 ёшидан бери оёғида металл протез билан юришини ва ҳар йили комиссия кўригидан ўтиш жуда оғирлигини кўрсатиб, доимий ногиронлик масаласини ҳал этишда ёрдам сўраб қилган мурожаатини узил-кесил ҳал қилиш ўрнига расмиятчилик билан жавоб берганлиги учун ҳайфсан эълон қилинсин”, - дейилади хабарда.

Шунингдек, Поп ҳокими Жавлонбек Йўлдошев Бош вазир виртуал қабулхонасига келган мурожаатларни ижобий ҳал этишда хужжатларни сохталаштиргани учун ҳайфсан берилган.

Шу билан бирга, Тошкент шаҳар Миробод туманида истиқомат қилувчи фуқаро Е.Каравайкинадан иссиқлик қуввати билан таъминлаш масаласида келиб тушган мурожаатни кўриб чиқишда йўл қўйган камчиликлари учун Миробод тумани ҳокими Қодировга ҳайфсан эълон қилинди ва “Тошиссиққувват” ишлаб чиқариш бирлашмаси Миробод тумани филиали раҳбари (Мухаммедов) эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.

Бундан ташқари, Меҳнат вазири Азиз Абдухакимовга Андижон вилояти Шаҳрихон туманида яшовчи У.Маированинг мурожаатини телефон орқали боғланиш имкони бўлмаганлиги баҳонаси билан аноним деб топилишига сабабчи бўлган ҳамда масалани узил-кесил ҳал қилиш чорасини кўрмаган вазирлик масъул ходимини аниқлаш бўйича хизмат текшируви ўтказиш ва айбдор масъул ходим билан тузилган меҳнат шартномасини бекор қилиш топширилди.

Эслатиб ўтмизки, 25 октябр куни Виртуал қабулхона фаолиятининг 1 ойлик якунларига бағишланган Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Ш.М.Мирзиёев раислигидаги мажлис ўтказилди. Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг мурожаатларни кўриб чиқилаётганда сансалорликларга йўл қўйган қатор мансабдор шахсларга нисбатан чоралар тўғрисидаги ахбороти тингланди. 

Янгилик билан ўртоқлашиш: