Amazon Web Services Ўзбекистонда маълумотлар маркази очиши мумкин

Дата: 15:46, 21-09-2017.

Тошкент. 21 сентябр. ЎзТАГ – Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг АҚШга ташрифи доирасида ўзбек делегацияси Калифорния штатидаги “Кремний водийси”да бўлиб, бу ерда фаолият кўрсатувчи американинг етакчи АТ-компаниялари билан ҳамкорлик юзасидан музокаралар олиб борди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

“Amazon Web Services (Амазон компаниясининг шўъба корхонаси) бош менежери Камфиус Бас билан ўтган учрашувда Ўзбекистон ҳудудида қуёшли панелларда ишлайдиган маълумотларни қайта ишлайдиган маълумотлар-марказлари қуриш, шунингдек, ўзбекистонлик фойдаланувчилар учун Амазон Wеб Сервиcес платформаси орқали веб-хизматларни кўрсатиш масалаларига бағишланди”, - деб хабар беради Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги матбуот хизмати.

Хусусан, HP Tech Ventures компаниясининг глобал стартаплари сармоядори ҳисобланган Виталий Голомб билан учрашувда “Кремний водийси” мисолида Ўзбекистонда технопарклар эко-тузилмаси ҳамда инновацион марказлар фаолиятини ташкил қилиш ва қўллаб-қувватлаш келишиб олинди. Шунингдек, Ўзбекистондаги АТ-стартаплар учун инвестицияларни жалб қилишнинг муваффақиятли механизмини йўлга қўйишда ҳамкорлик қилиш имкониятлари муҳокама диққат-марказида бўлди.

Cisco компаниясининг стратегия, технология ва инновациялар бўйича вице-президенти Доуг Вебстер билан музокараларда Ўзбекистонда “ақлли” ва хавфсиз шаҳар яратиш стратегиясини ишлаб чиқишда ҳамкорлик қилиш белгилаб олинди. Учрашувлар натижалари бўйича қатор йўналишлар бўйича истиқболдаги ҳамкорликка оид келишув шартномаси имзоланди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: