Америка элчихонаси ўзбек журналисти Солижон Абдураҳмоновнинг озод қилинишини қутлади
Тошкент. 5 октябр. ЎзТАГ – Америка элчихонаси 9 йил турмада ўтирган ўзбек журналисти Солижон Абдураҳмоновнинг озод қилинишини қутлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) дипвакилликнинг баёнотига асосланган ҳолда.
“Америка Қўшма Штатлари журналист Солижон Абдураҳмоновнинг озод этилишини олқишлайди. Бу куни-кеча инсон ҳуқуқлари фаоли Аъзам Фармоновнинг озод этилишидан сўнг кўп ўтмай яна бир узоқ муддатга қамалган виждон тутқунининг озод этилишидир”, - дейилади элчихона баёноти матнида.
Абдураҳмонов 2008 йилда қамалган эди.
“Умид қиламизки, ушбу очиқроқ ёндашув давом этади ҳамда Ўзбекистон ҳукумати журналист ва фаолларга тааллуқли бўлган барча масалаларга Ўзбекистон конституцияси ва ҳуқуқий талабларга мувофиқ равишда ечим топади. Қонун устуворлигини таъминлаш Президент Мирзиёевнинг Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларига оид халқаро андозаларни таъминлашга бўлган садоқатини мустаҳкамлайди. Биз кенг кўламли сиёсий, ижтимоий ва инсон ҳуқуқлари соҳасига оид ислоҳотлар сари олға силжиш давом этишига умид қиламиз”, - деб таъкидланади америка элчихонаси баёнотида.