Америкалик эксперт Ўзбекистон божхоначилари учун семинар ўтказди
Тошкент. 30 июл. ЎзТАГ – Америкалик эксперт Ўзбекистон божхоначилари учун семинар ўтказди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Ўзбекистондаги АҚШ элчихонаси матбуот хизматига асосланган ҳолда.
Хабар қилинишича, июлда АҚШ Халқаро тараққиёт агентлиги (USAID) техник масалалар бўйича мутахассис, божхона соҳасида 40 йилдан ортиқ тажрибага эга бўлган Ирина Свифтни хавфни бошқариш ва электрон божхона декларациясини тўлдиришга бағишланган бир ҳафталик семинар ўтказиш учун Ўзбекистонга таклиф этди.
“Хавфни бошқариш ва электрон декларация тартибини йўлга қўйиш божхона расмийлаштируви жараёнини тезлаштириб, чегарадаги ушланиб қолиш билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилишга ёрдам беради. Божхона расмийлаштируви вақтларини мукаммаллаштириш ўзбекистонлик ишбилармонлар қиладиган харажатларни қисқартиради ҳамда Ўзбекистоннинг минтақавий савдодаги рақобатдошлигини оширади”, - дейилади хабарда.
Таъкидланишича, семинарда 25 нафар ўзбекистонлик божхона ходимлари иштирок этиб, илғор халқаро тажрибалар қандай қилиб Ўзбекистонда ҳам тадбиқ этилиши мумкинлигини ўрганди.
“Ушбу ўқув машғулоти ЮСАИДнинг Ўзбекистонда шаффоф божхона ишларини юритиш жараёнига ҳисса қўшишга қаратилган саъй-ҳаракатларининг бир бўлагидир”, - деб хулоса қилинади хабарда.