Америкалик колумнист Мирзиёев минтақани “барқарорлик, бардавом ривожланиш ва яхши қўшничилик ҳудуди”га айлантирмоқчи эканлиги ҳақида ёзди
Тошкент. 27 ноябр. ЎзТАГ – Америкалик колумнист Жеймс Дурсо “Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати – минтақавий сиёсат” номли мақоласида Мирзиёев Марказий Осиё минтақасини “барқарорлик, бардавом ривожланиш ва яхши қўшничилик ҳудуди”га айлантирмоқчи эканлиги ҳақида ёзди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош ассамблеяси минбаридан мамлакатнинг ташқи сиёсати устуворликларини белгилай туриб, “Ўзбекистон Марказий Осиё минтақасини бугунги ташқи сиёсатининг бош устуворлиги этиб белгилайди”, деб айтиб ўтди. Давлат раҳбари минтақани “барқарорлик, бардавом ривожланиш ва яхши қўшничилик ҳудуди”га айлантиришдан манфаатдорлигини таъкидлаб ўтди”, - дейилади Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги сайтида чоп этилган мақолада.
Муаллифнинг қайд этишича, “Марказий Осиёнинг барча тўрт мамлакати билан умумий чегаралар бўлган ҳолда ва энг йирик аҳолига эга бўлган Тошкентнинг қўшнилар билан маҳсулдор ҳамкорлик қилишга тайёрлиги минтақани янада ривожлантиришни рағбатлантириши, бундай истак бўлмаган ҳолда ҳудуднинг салоҳиятини йўққа чиқариши мумкин”.
Эслатиб ўтамизки, 2017 йил 22 ноябрда The Hill нуфузли америка нашрида “Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати – минтақавий сиёсат” номли мақола эълон қилинди.
Материал ушбу нашр колумнисти ва Corsair LLC консалтинг компанияси ижрочи директори Жеймс Дурсо томонидан унинг Ўзбекистонга ташрифи ва жорий йил 10-11 ноябрда БМТ шафелигида Самарқандда ўтказилган Марказий Осиёда хавфсизликни таъминлаш ва барқарор ривожланиш муаммоларига доир халқаро конференциядаги иштироки якунлари бўйича ёзилган.