Америкалик марафончи Дин Карнасис Буюк ипак йўли бўйлаб югуришини бошлади

Дата: 17:53, 30-06-2016.

Тошкент. 30 июн. ЎзТАГ – Куни кеча таниқли ультра-марафончи Дин Карнасис (АҚШ) Буюк ипак йўли маршрути бўйлаб Ўзбекистон Қирғизистон ва Қозоғистон орқали  ушбу мамлакатлар мустақиллигининг 25 йиллигига бағишланган югуришини бошлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

АҚШнинг Ўзбекистондаги элчихонасидан хабар беришларича, акция АҚШ Давлат департаменти томонидан маҳаллий ҳамкорлар кўмагида ташкил этилган бўлиб, 11 июлгача давом этади.

Дин Карнасис “Спорт элчиси” (Sports Envoy) дастури доирасида 11 кун давомида 525 километр масофани югуриб ўтиб, Тошкентдан Бишкекга (Қирғизистон), у ердан эса Олмаотага (Қозоғистон) боради.

Кунига ўртача 80 километрдан югуриши кўзланган Карнасис АҚШ вакили сифатида алоқалар ўрнатади, югуриш бўйича қисқа машғулотлар ўтказади, чиқишлар қилади ҳамда турли ёшдаги инсонларни югуришга қўшилишга чақиради.

Қўшимча ўрнида, Дин Карнасис “Time” журнали томонидан дунёдаги энг эътиборли инсонлар юзлигига киритилган. Men'sFitness эса уни дунёдаги энг мукаммал жисмоний даражадаги инсонлардан бири деб атаган.

Унинг кўплаб муваффақиятлари орасида 563 километр масофани уч кеча-кундуз давомида ухламай босиб ўтиш ҳам бор. Бундан ташқари, 46 даража иссиқда АҚШдаги “Ўлим водийси” орқали югуриб ўтган. Шунингдек, Жанубий Қутбдан 40 даража совуқда чопиб ўтган.

Яқинда эса у кетма-кет 50 кун давомида АҚШнинг барча 50 штати бўйлаб марафонлар уюштирди. Ушбу чопиш Нью-йорк марафонида якунланиб, уни спортчи уч соат давомида югуриб ўтди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: