Американинг Air Products корпорацияси Ўзбекистон газ тармоғини ўрганади ва салоҳиятли лойиҳаларга баҳо беради
Тошкент. 25 октябр. ЎзТАГ – Американинг Air Products корпорацияси Ўзбекистон газ тармоғини ўрганади ва салоҳиятли лойиҳаларга баҳо беради, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Бу “Ўзбекнефтегаз” АЖ ва “Air Products МЧЖ ўртасида ҳамкорлик тўғрисида келишув билан кўзда тутилган. Келишув 23 октябрда Тошкентда бўлиб ўтган ўзбек-америка бизнес-форуми доирасида имзоланди.
“Мазкур ҳужжат Ўзбекистон Республикасида истиқболли лойиҳалар, шу билан бирга МТТ (моддий-техник таъминоти) лойиҳаси ва амалдаги саноат газларини ишлаб чиқариш бўйича қурилмаларни ўрганиш ва уларни баҳолашга қаратилган бўлиб, самарадорлиги ва хавфсизлиги бўйича таклифларни ишлаб чиқишни кўзда тутади”, - дейилади “Ўзбекнефтегаз” АЖ хабарида.
Қайд этилишича, Air Products келишув имзоланган кундан бошлаб уч ой давомида саноат газларга ички ва ташки бозордаги эҳтиёжи ҳақида маркетинг ўрганишни амалга ошириб, истиқболли ҳамкорлик бўйича тегишли таклифларни тайёрлайди. Амалга оширилган иш бўйича маълумот ва натижалар Қўшма ишчи гуруҳига тақдим этилади.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг май ойида “Ўзбекнефтега” АЖ ва Air Products МЧЖ ўртасида “метанол олефинларга” технологияси бўйича олефинларни ишлаб чиқариш лойиха доирасида меморандум имзоланган эди.
Кейинроқ, 2018 йилнинг август ойида эса Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари А.С. Султанов ва Air Products МЧЖ президенти жаноб Сейфи Гассеми ўртасида Ўзбекистон Республикасида лойиҳаларни ҳамкорликда амалга ошириш бўйича таклифларни ишлаб чикиш мақсадида ёқилғи-энергетика мажмуаси корхоналари ўртасида ўзаро ҳамкорлик бўйича иш режаси имзоланган эдилар.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси ЁЭК корхоналари ва Air Products корпорацияси вакилларидан иборат Кўшма ишчи гуруҳ шакллантирилган эди.
Сурат манбаи: https://kun.uz