Анқарада ўзбек-турк ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги маслаҳатлашувларнинг навбатдаги раунди бўлиб ўтди

Дата: 14:30, 28-11-2014.

Тошкент. 28 ноябр. ЎзТАГ – Куни кеча Анқарада ўзбек-турк ташқи ишлар вазирликлари ўртасидаги маслаҳатлашувларнинг навбатдаги раунди бўлиб ўтди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) ўзбек ташқи сиёсий муассасаси хабарига асосланган ҳолда.

“2014 йилнинг 27 ноябр куни Анқара шаҳрига ташриф буюрган Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги делегацияси Туркия Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Али Кемал Айдин билан учрашди”, – дейилади хабарда.

Ўзбекистон ва Туркия ТИВлари ўртасидаги сиёсий маслаҳатлашувларнинг еттинчи раунди давомида сиёсий, савдо-иқтисодий, сармоявий ва маданий-гуманитар соҳалардаги икки томонлама муносабатларнинг ҳозирги ҳолати ва кенгайтириш истиқболлари ҳамда БМТ ва бошқа халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Хабарга кўра, ўзаро алоқаларни ҳар томонлама ривожлантиришдан икки томон ҳам манфаатдорлиги таъкидлаб ўтилди ва бунга асосланган Ўзбекистон-Туркия мулоқотининг динамикаси мамнуният билан қайд этилди.

Қайд этиш керакки, Туркия Ўзбекистоннинг энг йирик ташқи савдо шерикларидан бири ҳисобланади. Мамлакатлар ўртасидаги ўзаро савдо айланмаси 2000-йилга нисбатан 7 мартага ортиб, 2013-йилда $1,346 млрддан ошди. Ижобий тенденция жорий йилда ҳам кузатилмоқда.

Биргаликдаги саъй-ҳаракалар натижасида ҳамкорликнинг турли соҳаларида 64 та ҳужжатдан иборат мустаҳкам шартномавий-ҳуқуқий асос яратилди.

Мулоқот чоғида бўлажак ўзаро учрашувлар жадвали ва тайёргарлик жараёни кўриб чиқилди.

Шунингдек, томонларни қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: