Андижон ИИБ ходимлари наркосотувчини қўлга олдилар
Тошкент. 12 май. ЎзТАГ – Андижон ИИБ ходимлари наркосотувчини қўлга олдилар. Бу ҳақида республика ИИВ матбуот хизмати хабар қилди.
“Андижон вилояти ИИБ ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбир жараёнида Пахтаобод туманида яшовчи 31 ёшли шахс тўхтатиб текширилганида, унинг ёнидан 288 граммдан зиёдроқ “гашиш” гиёҳвандлик моддаси топилди,” - дейилади хабарда.
Таъкидланишича, олиб борилган суриштирувлар натижасида у ушбу гиёҳвандлик моддасини 44 ёшли маҳаллий аҳоли вакилидан сотиб олганлиги аниқланди. Мазкур фуқаронинг уйи текширилганида 105 граммдан ортиқроқ “гашиш” гиёҳвандлик моддаси топилиб, далилий ашё сифатида олинган.
Мазкур ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.