Андижон ҳокими таълим муассасалари раҳбарларини ҳақорат қилгани учун ЭКИҲМнинг 30 бараварига жаримага тортилди

Дата: 16:05, 27-12-2017.

Тошкент. 27 декабр. ЎзТАГ – Андижон шаҳар ҳокими Дилмурод Раҳматуллаев 16 октябрь куни шаҳар таълим муассасалари раҳбарларини ҳақорат қилгани учун ЭКИҲМнинг 30 бараварига (5,167 млн сўм) жаримага тортилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Бош прокуратура матбуот хизматига асосланган ҳолда.

“Суд ҳокимни Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 41-моддаси (ҳақорат қилиш, яъни шахснинг шаъни ва қадр-қимматини қасддан камситиш) бўйича айбдор деб топди. Мазкур ҳуқуқбузарлик учун жарима миқдори ЭКИҲМнинг 20дан 40 бараваригачани ташкил этади”, - дейилади хабарда.

Андижон вилоят прокуратураси ҳоким томонидан таълим муассасалари раҳбарларини ҳақорат қилингани юзасидан текшириш ўтказди. Вилоят прокуратураси томонидан киритилган тақдимнома асосида халқ депутатлари Андижон шаҳар Кенгаши томонидан Дилмурод Раҳматуллаевни маъмурий жавобгарликка тортишга розилик бериш тўғрисида қарор қабул қилинган.

Текшириш натижасига кўра ҳокимга нисбатан маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш қўзғатилиб, кўриб чиқиш учун судга юборилган.

$1=8120,07 сўм

Сурат манбаи: http://www.ursn.spb.ru/index.php/en/component/k2/item/1237-v-nevelskom-rajone-zemlevladelets-oshtrafovan-za-neispolnenie-predpisaniya

Янгилик билан ўртоқлашиш: