Андижон темир йўл вокзалининг янги биноси йўловчиларга хизмат кўрсатиш имкониятини 7 бараварга кўпайтиришга имкон берди

Дата: 19:21, 23-08-2016.

Тошкент. 23 август. ЎзТАГ – Андижон темир йўл вокзалининг янги биноси йўловчиларга хизмат кўрсатиш имкониятини 7 бараварга: 50тадан 350тагача кўпайтиришга имкон берди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) “Ўзбекистон темир йўллари” ДАК матбуот хизматига асосланган ҳолда.

“(…) Илгари вокзал биноси бир пайтнинг ўзида атиги 50 нафар йўловчига хизмат кўрсата олар эди. Бугунга келиб, унинг имкониятлари 350 нафарга етди”, - дейилади хабарда.

Маълум қилинишича, қурилиш вақтида вокзал ҳудудида маъмурий бино ва чипта сотиш касса зали алоҳида қурилди. Поездлар келиб-кетиши ҳақида ахборот берувчи маълумотхона ҳамда вокзал ишчи-ходимларининг туну кун меҳнат қилишлари учун алоҳида хоналар барпо этилди.

Шунинг билан бирга, бу ерда она ва бола хонаси, тиббиёт пункти, валюта айрибошлаш шохобчаси, барча қулайликларга эга шинам меҳмонхона, юкларни сақлаш зали мавжуд.

Бундан ташқари, вокзалнинг олд майдони ободонлаштирилиб, улкан хиёбон, фаввора ва автомобиллар учун кенг турар жойлар барпо этилган.

Эслатиб ўтамизки, Андижон темир йўл вокзалининг янги биноси жорий йилнинг  июнида фойдаланишга топширилган эди.

Янгилик билан ўртоқлашиш: