Андижон университетида ҚТЭМ бўйича лаборатория очилди

Дата: 14:32, 24-01-2019.

Тошкент. 24 январ. ЎзТАГ – Андижон давлат университетида “Қайта тикланувчи энергия манбалари” бўйича замонавий лаборатория ўз фаолиятини бошлади, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Ўзбекистон Олий таълим вазирлигидан маълум қилишларича, у Европа Иттифоқининг “Erasmus+” дастурининг Renes қўшма лойиҳаси доирасида очилди.

Лабораторияга Германия, Италия, Испания ва бошқа ривожланган давлатларда ишлаб чиқарилган 42,7 минг евролик 30 турдаги лаборатория жиҳозлари ўрнатилди.

Ушбу лаборатория Европанинг 600 дан ортиқ нуфузли университетлари онлайн тарзда уланган Оксфорд университети Резерфорд лабораторияси микроэлектроника ва наноэлектроника қўллаб-қувватлаш марказининг Europractic тизимига онлайн уланган.

Андижон давлат университети Урганч давлат университетидан сўнг мамлакатда мазкур тизимга уланган иккинчи олий таълим муассасаси бўлди.

Лойиҳа доирасида университетда 2018-2019 ўқув йилидан бошлаб “Қайта тикланувчи энергия манбалари ва барқарор атроф – муҳит” мутахассислиги бўйича магистрлар тайёрланмоқда. Магистрантлар учун Европа стандартлари асосида “Қайта тикланувчи энергия манбалари ва барқарор атроф – муҳит” мутахассислиги бўйича 12 та ўқув дастурлари ишлаб чиқилди.

Сурат манбаи: https://www.gov.uz

Янгилик билан ўртоқлашиш: