Андижон вилоятида 42,3 минг янги иш ўринлари яратилди

Дата: 16:36, 05-07-2018.

Тошкент. 5 июл. ЎзТАГ – Андижон вилоятида 42,3 минг янги иш ўринлари яратилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг ўн бешинчи ялпи мажлисида маълум қилинди. Унда сенаторлар Андижон вилояти ҳокимининг ҳудудларни ривожлантириш ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари фаолияти ҳақидаги ҳисоботини эшитдилар.

Ҳокимнинг ҳисоботига кўра, вилоятни комплекс ривожлантириш борасида муайян ишлар амалга оширилган. Хусусан, 2017 йилда вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти ҳажмининг ўсиши 106,7 фоизга етган. Тегишли дастурлар доирасида 1,5 трлн сўмдан зиёд инвестициялар ўзлаштирилиб, қарийб 3040 та лойиҳа амалга оширилган. Бунинг эвазига 42,3 мингдан ортиқ янги иш ўрни яратилган. 2476 та хусусий тадбиркорлик ва кичик бизнес субъекти ташкил этилган, тижорат банклари томонидан уларга 1,2 трлн сўмлик кредит ажратилган.

Таъкидланишича, ўтган йилда 99 та корхона экспорт қилувчи корхоналар сафига қўшилган. Натижада вилоятда ишлаб чиқарилган маҳсулотлар экспорт қилинаётган мамлакатлар сони 18 тага етган, экспорт ҳажми қарийб $130 млнни ташкил этган.

130 та ижтимоий соҳа объекти – шифохоналар, мактаблар, мактабгача таълим муассасалари, ичимлик сув иншоотлари фойдаланишга топширилган. 24 та қишлоқ массивида 1165 та арзон уй-жой, шу жумладан профилактика инспекторлари учун 326 та хизмат уйи барпо этилган.

Бундан ташқари, жами 497 минг 162 та хонадон бирма-бир ўрганиб чиқилиб, 200 минг 505 та хонадон эгаларининг 2 трлн 959 млрд сўм миқдоридаги кредит маблағига хоҳиши борлиги аниқланган. Ушбу хонадонларга биринчи босқичда 800 млрд сўм маблағ ажратилган.

$1=7846,27 сўм

Сурат манбаи: https://www.gazeta.uz/ru/2013/02/06/andijan/

Янгилик билан ўртоқлашиш: