Андижонда биринчи марта инсулин ишлаб чиқариш йўлга қўйилди
Тошкент. 1 июнь. ЎзТАГ – Андижонда Ўзбекистон бўйича биринчи инсулин ишлаб чиқариш йўлга қўйилди, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
"2019 йил апрель ойида Андижон туманидаги Хартум қишлоғида йилига 10 миллионта ампула инсулин ишлаб чиқариш қувватига эга завод ишга туширилди. Айни пайтда бу ерда Соғлиқни сақлаш вазирлиги, фармацевтика саноатини ривожлантириш агентлиги ва «Zamin Bio Health» МЧЖ Андижон вилоятида қандли диабетни даволаш учун ишлатиладиган инсулин ишлаб чиқариш бўйича йирик инвестиция лойиҳасини амалга оширишни бошлади", - дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлигининг жамоатчилик билан алоқалар бўлими матбуот хизмати хабарида.
Қайд этилганидек, мамлакатимизда халқаро талабларга жавоб берадиган "инсулин" препаратини ишлаб чиқариш бўйича клиник-тадқиқот ишлари якунланди.
«Juslin N», «Juslin R», «Juslin 30/70» уч турдаги инсулиннинг клиник тадқиқотлари муваффақиятли якунланди. Яқинда ушбу дорилар давлат рўйхатидан ўтказилди ва тиббий амалиётда фойдаланиш учун рухсат олди", - дейилади хабарда.
Таъкидлаш жоизки, ҳозирги кунга қадар инсулин препарати мамлакатга импорт қилинган.
"Корхонанинг тўлиқ қуввати билан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотларнинг 30 фоизи ички бозор қамраб олади, ушбу дори-дармон импортининг улуши камаяди, экспорт имкониятлари кенгаяди, валюта маблағлари тежалади ва дори-дармон нархи пасаяди", - деб якунланади хабар.
Сурат манбаи: minzdrav.uz