Андижонда машинасозлик ва электротехника маҳсулотларини сертификатлаш бўйича синов лабораторияси ташкил этилди
Тошкент. 3 октябр. ЎзТАГ – Андижонда машинасозлик ва электротехника маҳсулотларини сертификатлаш бўйича синов лабораторияси ташкил этилди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
“Ўзстандарт” агентлигининг маълумотларига кўра, айни пайтда Андижон вилоятида автомобилсозлик корхоналари учун қарийб 2 мингта маҳсулот ишлаб чиқарадиган 125 корхона фаолият юритмоқда. Ушбу корхоналарнинг аксариятида ўзларининг синов лабораториялари йўқ.
Аккредитациядан ўтказилган синов лабораториялари фақатгина 5 корхонада мавжуд бўлиб, уларда маҳсулотларни қабул қилиш ва етказиб бериш ва даврий синовлар ўтказилади.
Автомобилларга эҳтиёт қисмлар ишлаб чиқарувчи корхоналар томонидан янги маҳсулотларни ишлаб чиқаришни ўзлаштиришда уларнинг синовлари Жанубий Корея, Россия, Хитой ва бошқа мамлакатларнинг синов марказларида валюта эвазига ўтказилади.
Ушбу муаммони ҳал этиш учун “Ўзстандарт” агентлиги “Андижон синов ва сертификатлаштириш маркази” давлат корхонасида “Машинасозлик ва электротехника маҳсулотларини синов лабораторияси” ташкил этилди. Унинг қурилиши учун 2013-2019 йилларда 2,7 млрд сўм маблағ ажратилди. Бундан 1,8 млрд сўми қурилиш-монтаж ишлари учун, 892,5 млн сўми техник ускуналар учун ажратилди.
Синов лабораторияси учун замонавий ва юқори аниқликдаги синов ускуналари ва ўлчаш асбоблари сотиб олинган.
Бугунги кунда синов лабораторияси 27 турдаги маҳсулотларни синовдан ўтказиш учун аккредитациядан ўтган.