Андижонда янги хорижий университет очилади

Дата: 12:33, 12-04-2019.

Тошкент. 12 апрель. ЎзТАГ – Андижонда янги хорижий университет ташкил этилади, дея хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (УзТАГ).

Адлия вазирлигининг маълумотларига кўра, президентнинг “Ўзбекистонда Шарда университетини ташкил этиш тўғрисида”ги қарори (2019 йил 10 апрелдаги ПП-4278-сон) қабул қилинди.

“Қарорга мувофиқ, Андижон вилоятида ташкил этилаётган университетда таълим Ўзбекистон Республикаси давлат таълим стандартлари талабларини инобатга олган ҳолда, Шарда университети (Ҳиндистон Республикаси) таълим дастурлари асосида ишлаб чиқилган ўқув режалари ва дастурлари асосида амалга оширилади”, - дейилади хабарда.

Таъкидланганидек, университет электр муҳандислиги, ахборот технологиялари ва киберхавфсизлик, компютер тизимларига хизмат кўрсатиш, электроника, коммуникацион инжиниринг, бизнес бошқаруви ва бошқа талаб этиладиган соҳаларда мутахассислар тайёрлайди.

Университетда таълим фаолияти 2019/2020 ўқув йилидан бошланади. Университетда таълим инглиз, ўзбек ва рус тилларида олиб борилади. Ўқув жараёнини ўқитиш ва ташкил қилиш учун университет чет эллик малакали профессор-ўқитувчиларни жалб қилади. Университет битирувчиларига Ўзбекистон ва Ҳиндистонда тан олинадиган олий маълумот тўғрисидаги диплом берилади.

Сурат манбаи: bigasia.ru

Янгилик билан ўртоқлашиш: