АНКОР кадрлар холдинги Ўзбекистонда ваколатхона очмоқда

Дата: 15:34, 13-07-2018.

Тошкент. 13 июл. ЎзТАГ – Россия ва МДҲда кадрлар соҳасининг етакчиларидан бири – АНКОР холдинги Ўзбекистонда расмий ваколатхонасини очмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Бу ҳақида 12 июлда компания матбуот хизмати хабар қилди. Ўзбекистонда ваколатхонанинг очилиши АНКОРнинг Марказий Осиёдаги 10 йиллик бизнесини ривожининг мантиқий давомидир.

Мижозларга холдинг фаолиятининг барча соҳалари: ишга қабул қилиш, ходимларни танлаш, аутсорсинг ва консалтинг бўйича хизматлар кўрсатилади.

“Тошкентда офиснинг очилиши АНКОР тарихидаги мантиқий қадамдир. Ўзбекистон жадал ривожланмоқда ва мамлакатда кўплаб хорижий компанияларни жалб қилувчи кадрлар салоҳиятига эга. Расмий маълумотларга кўра, 2018 йилнинг биринчи ярим йиллигида мамлакатда хорижий инвестициялар иштирокидаги 700 дан ортиқ корхона рўйхатга олинган. Янги имкониятлар билан бир қаторда бизнесда янги эҳтиёжлар ҳам пайдо бўлмоқда. Қисқа муддатда улкан лойиҳаларни амалга ошириш имкониятига эга мутахассисларни топиш зарур бўлади. Кўп йиллик тажриба ва чуқур экспертиза АНКОРга Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган компаниялар учун ҳақиқий ишончли ҳамкор бўлиш имконини беради”, - деди ширкат бош директори Сергей Саликов.

Эслатиб ўтамизки, АНКОР холдинги 1990 йилда ташкил этилган ва МДҲ кадрлар бозорининг етакчиларидан бири ҳисобланади. Компания Россия, Украина, Қозоғистон ва Беларуснинг 40 дан ортиқ шаҳарларда ваколатхоналар ва идоралар тармоғига эга. Глобал бозорда АНКОР Randstad халқаро холдинг компанияси билан ҳамкорликда иш олиб боради. Ширкатнинг 2017 йилдаги умумий даромади 13,2 миллиард рублдан зиёдни ташкил этди.

 

Сурат манбаи: http://fb.ru/article/256142/ankor-kadrovyiy-holding-opisanie-uslugi-i-otzyivyi-sotrudnikov

Янгилик билан ўртоқлашиш: