Апрель ойида истеъмол бозорида нархлар ва тарифларнинг ўсиши 0,9%ни ташкил этди – Давлат статистика қўмитаси
Тошкент. 1 май. ЎзТАГ – Апрель ойида истеъмол бозорида нархлар ва тарифларнинг ўсиши 0,9%ни ташкил этди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ) Давлат статистика қўмитасига таянган ҳолда.
Муассаса маълумотларига кўра, ўтган ой давомида товарлар ўртача 0,4%га ҳамда хизматлар 2,7%га қимматлашди. 2018 йил апрел ойидаги нарх индексларини ўтган ойлар динамикаси билан таққослаганда, ушбу ойда хизматлар нархи ўсиш суръати бўйича маҳсулотлар нархига нисбатан сезиларли даражада юқори бўлди.
“Асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари гуруҳи орасида нархларнинг ўсиши ҳамда пасайиши бўйича етакчилик мос равишда мева-сабзавот маҳсулотлари ва тухумга тегишлидир. Айрим турдаги озиқ-овқат маҳсулотларидан тухум ва шакар маҳсулотлари нархлари сезиларли даражада арзонлашгани (мос равишда 7,5% ва 3,6%) боиси, ушбу турдаги маҳсулотлар билан ички бозорнинг тўйинганлигидир”, - деб таъкидланади муассаса хабарида.
Ноозиқ-овқат маҳсулотлари орасида қурилиш материаллари, маиший тўқимачилик маҳсулотлари, ошхона жиҳозлари ҳамда автомобиллар учун ёқилғи нархлари сезиларли даражада қимматлашган.
Аҳоли учун хизматлар ой давомида ўртача 2,7%га кўтарилди. Уй-жой коммунал хўжалигида нарх тарифларининг кўтарилиши умумий истеъмолчилик нархлари индекси ўсишига 0,5 ф.п.га таъсир этиши билан бир қаторда, жами хизматлар гуруҳининг ўртача ўсиш даражасига катта таъсир кўрсатди.
Сурат манбаи: http://rostov.ru/2018/01/01/