Ҳар 10 муаммоли кредитдан 7,5 таси Ўзбекистон пойтахтига тўғри келмоқда
Тошкент. 26 ноябр. ЎзТАГ – Ҳар 10 муаммоли кредитдан 7,5 таси Ўзбекистон пойтахтига тўғри келмоқда, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).
Ушбу маълумотлар Ўзбекистон президенти раислигида 22 ноябр куни банк тизимини ислоҳ этиш ва банкларнинг молиявий барқарорлигини мустаҳкамлаш, ҳудудлар ва тадбиркорликни ривожлантиришда тижорат банкларининг ролини ошириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида келтириб ўтилди.
“Видеоселекторда муаммоли кредитлар масаласи муҳокама қилинди. Бундай кредитлар жами кредитларнинг 1,8%идан кам бўлса-да, йил бошига нисбатан ошгани қайд қилинди. Ҳудудлар кесимида бундай кредитларининг 76%и Тошкент шаҳрига, 5%и Қашқадарё, 3%и Бухоро вилоятига тўғри келади”, - дейилади Ўзбекистон президенти матбуот хизматининг хабарида.
Шундан кейин қайд этилишича, уй-жой фондини таъмирлаш ва турар жой биноларини барпо этишга қайтариш манбалари ва имкониятлари тўлиқ ўрганилмасдан кредит ажратилиши оқибатида умидсиз қарзлар кўпаймоқда.
“Жумладан, хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари ва кўп қаватли уй-жойлар қурилиши бўйича катта миқдорда муаммоли кредитлар мавжуд. Улардан энг кўплари – Тошкент шаҳрида 32 млрд сўм, Қашқадарё вилоятида 27 млрд сўм, Андижон вилоятида қарийб 20 млрд сўм ва Бухоро вилоятида 14 млрд сўмдир”, - дейилади хабарда.
Сурат манбаи: thinktanks.by