Ғарбий Африкада Эбола вирусини юқтирганлар сони 26,3 минг кишидан ошди
Тошкент. 5 май. ЎзТАГ – Ғарбий Африкада Эбола вирусини юқтирганлар сони 26,3 минг кишидан ошди.
“Эпидемия бошланганидан бери Гвинея, Либерия ва Сьерра-Леонеда 10 минг 895 киши ушбу касалликдан вафот этди, 26 минг 339 киши касалликни юқтириб олди. Либерияда Эбола вируси туфайли юзага келган касаллик қурбонлари сони 4608 кишига етди, касалланганлар сони эса 10 минг 322 кишини ташкил этди. Сьерра-Леонеда қурбонлар сони юқоридагилардан бир оз кам – 3902та, лекин вирусни юқтирганлар сони бошқа мамлакатлардагидан кўп бўлиб, 12 минг 426 киши. Гвинеяда инфекция юқтирганлар ва вафот эьтганлар сони юқоридаги икки мамлакатдагидан анча оз бўлиб, навбати билан 3591 ва 2385та”, - деб келтиради ТАСС Бутунжаҳон Соғлиқни-сақлаш ташкилоти (БССТ) маълумотларини.
Айни пайтда БССТ 30 апрелдан бери Ғарбий Африкада касалликдан 5 вафот этиш ва 49 юқтириш ҳолатини рўйхатга олди.
Шунингдек, Мали, Нигерия, Сенегал, Испания, Буюк Британия ва АҚШда ҳам касалланиш ҳолатлари топилган. Лекин кўпчилик мамлакатларда Эбола вирусини юқтирганлар сони ўн кишидан ошмайди. Фақат Нигерия бундан мустасно бўлиб, бу ерда 20 киши Эбола вирусини юқтирган ва 8 киши ундан вафот этган.