Аркадий Дворкович Тошкентдаги учрашувда ФИДЕ раҳбари лавозими учун курашишга тайёрлигини билдирди

Дата: 08:54, 20-07-2018.

Тошкент. 20 июл. ЎзТАГ – Россия шахмат федерацияси васийлик кенгаши аъзоси Аркадий Дворкович Тошкентдаги Осиё шахмат федерациялари делегатлари учрашувида Халқаро шахмат федерацияси (ФИДЕ) раҳбари лавозими учун курашишга тайёрлигини билдирди, деб хабар беради Ўзбек телеграф агентлиги (ЎзТАГ).

Хусусан, бу ҳақида шахмат бўйича Республика болалар-ўсмирлар ихтисослашган мактабига ФИДЕ президенти Кирсан Илюмжинов ва Аркадий Дворкович ташрифи давомида маълум қилинди.

Улар Осиё шахмат федерациялари делегатлари иштирокидаги тадбирда қатнашдилар. Делегатлар орасида – Жанубий Корея, Вьетнам, Монголия, Таиланд, Бангладеш, Фаластин, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон, Непал, Лаос, Иордания, Мянма, Ўзбекистон каби 14 Осиё мамлакатлари вакиллари бор.

Ўзбекистон шахмат федерацияси томонидан хабар қилишларича, делегатлар мамлакат меҳмондўстлиги, Республика ихтисослашган шахмат мактабида таълим ташкил этилишини муносиб баҳоладилар.

Делегатлар олдида Ўзбекистон шахмат федерацияси биринчи вице-президенти Х. Турдалиев ва К. Илюмжинов чиқиш қилдилар ва Ўзбекистоннинг сўнгги йиллардаги муҳим ютуқлари таъкидлаб ўтдилар. Хусусан, 2018 йилда ўзбекистонлик 8-12 ёшли шахматчилар рапид ва блиц бўйича жаҳон чемпиони (21-25 июн, Минск, Беларус), мактаб ўқувчилари ўртасида Осиё чемпиони (7-15 июл, Шри Ланка) бўлдилар, 16 олтин медалларни қўлга киритдилар.

Ўзбекистонда йирик шахмат турнирлари ўтказилмоқда. Келажакда Ўзбекистон Президенти Кубоги учун халқаро шахмат турнирини ўтказиш режалаштирилган.

Шунингдек, делегатлар олдида ФИДЕ раҳбари лавозими учун курашишни режалаштираётган А. Дворкович ҳам нутқ сўзлади (сайловлар 2018 йил 3 октябрда Грузиянинг Батуми шаҳрида ФИДE Конгрессида бўлиб ўтади). У ташкилотчилар – Ўзбекистон шахмат федерациясига миннатдорчилик билдириб, делегатларга шахматнинг келажаги, дунё бўйлаб шахматни янада ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича режалари ҳақида сўзлаб берди.

Сурат манбаи: http://naesmi.uz/ru/site/page.html?id=15054

Янгилик билан ўртоқлашиш: